Араб мамлакатлари ОАВ вакиллари Ўзбекистонда ислом цивилизацияси меросини муҳокама қилади

ИЦМ фотосурати

Араб мамлакатларининг йирик ахборот агентликлари, телеканаллари ва медиа тузилмалари вакиллари Тошкент ва Самарқандда ўтказилаётган «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафорумида иштирок этади. Бу ҳақда Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати хабар берди.

Иштирокчилар орасида Яманнинг Saba ахборот агентлиги янгиликлар бўйича бош директори Муҳаммад Фуад Аҳмад Юсуф ҳам бор. У «Мерос садолари: ислом цивилизацияси жаҳон медиа маконида қандай акс-садо бермоқда?» мавзусидаги халқаро муҳокамада иштирок этади.

Миср номидан ушбу мулоқот майдонида Афро-Осиё медиа иттифоқи вице-президенти Рефаат Абдель Сами қатнашади. Иштирокчилар замонавий оммавий ахборот воситалари орқали ислом цивилизациясининг тарихий, илмий ва маданий меросини жаҳон аудиториясига қандай самарали етказиш мумкинлиги хусусида фикр алмашади.

Дастурнинг алоҳида қисми оммавий ахборот воситаларининг стереотиплар ва исломофобияни бартараф этишдаги ролига бағишланади. Муҳокамада Oman Observer нашри бош муҳаррири Ал-Шиди Осим бин Салим бин Хамис ҳамда Ироқнинг «Ал-Ироқия» давлат ахборот телеканали департаменти директори Диё Ҳусайн Ҳошим иштирок этади.

Саудия Арабистонидан Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги Ахборот агентликлари иттифоқининг протокол ва жамоатчилик билан алоқалар бўйича директори Сауд Абдул-Бадий иштирок этади.

Араб ОАВ вакиллари бошқа минтақалардан келган ҳамкасблари билан биргаликда маданий меросни оммалаштиришнинг янги форматлари, халқаро аудитория билан ишлаш, телевидение, ахборот агентликлари ва рақамли платформалар имкониятларини муҳокама қилади.

«Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафоруми 2026 йил 24–28 август кунлари Тошкент ва Самарқандда ўтказилмоқда. Форумнинг марказий майдони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлди.

Унда қарийб 50 та давлатдан 300 нафарга яқин медиа ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари — медиакомпаниялар, ахборот агентликлари ва телеканаллар раҳбарлари, журналистлар, продюсерлар, олимлар ҳамда креатив индустрия мутахассислари иштирок этмоқда.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 550 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.