Тошкентда CNN, Euronews, BBC ва TRT World вакиллари иштирокида халқаро медиафорум бошланди

ИЦМ фотосурати

Тошкентда 25 август куни «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафорумининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда 50 га яқин давлатдан медиа ва экспертлар ҳамжамиятининг 300 га яқин вакили иштирок этмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати хабар берди.

Форум иштирокчилари орасида CNN International Commercial, Euronews, BBC Studios, TRT World, халқаро ахборот агентликлари вакиллари, шунингдек, журналистлар, ноширлар, кинематографистлар, олимлар ҳамда рақамли технологиялар соҳаси мутахассислари бор.

Очилиш маросими Ислом цивилизацияси марказининг Катта конференциялар залида бўлиб ўтди. Иштирокчиларга «Жаҳон жамоатчилигининг Ислом цивилизацияси марказига нигоҳи» номли махсус фильм намойиш этилди.

Ўзбекистон президенти матбуот котиби, Президент Администрацияси Коммуникациялар департаменти раҳбари Шерзод Асадов табрик сўзи билан чиқиш қилди. Президент маслаҳатчиси Музаффар Комиловнинг форум иштирокчиларига мурожаатини президент Администрацияси ходими Раҳматулла Арзиев ўқиб эшиттирди.

Маросимнинг асосий воқеаларидан бири Euronews бош директори ва бош муҳаррири Клаус Штрунцнинг махсус маърузаси бўлди. У маданият, медиа ва ғоялар орқали Европа ва Марказий Осиёни яқинлаштириш, шунингдек, ислом цивилизацияси меросини глобал ахборот маконида тарғиб қилиш ҳақида сўз юритди.

Форум иштирокчиларига CNN International Commercial ижрочи вице-президенти Фил Нельсон ҳам мурожаат қилди.

Ислом цивилизацияси маркази директори, WOSCU бошқаруви раиси Фирдавс Абдуҳаликов Марказ концепциясини тарихий мерос, музей иши, илм-фан, кино ва рақамли технологияларни бирлаштирувчи замонавий маданий-маърифий медиа-платформа сифатида тақдим этди.

Очилиш маросимидан сўнг тарихий-маданий меросни оммалаштиришнинг янги форматлари, ҳужжатли кино, телевидение, нашриёт ва рақамли лойиҳаларга бағишланган ялпи мажлислар ҳамда халқаро муҳокамалар бошланди.

Халқаро медиафорум 24–28 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтади. Тошкентдаги дастурдан сўнг иштирокчилар Самарқандга йўл олади. У ерда форум дастури Ўзбекистоннинг тарихий-маданий ва маънавий мероси объектларига бағишланади.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 550 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.