Жаҳон аудиторияси ҳозирча Ўзбекистоннинг тарихий, маданий ва илмий мероси билан етарлича таниш эмас. Ислом цивилизацияси маркази эса уни халқаро миқёсда тарғиб қилиш майдонларидан бирига айланиши мумкин. Бу ҳақда Тошкентда бўлиб ўтган «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафорумда CNN вакиллари маълум қилди.
CNN International Commercial ижрочи вице-президенти Фил Нельсон форум иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида телеканал Марказ билан ҳамкорлик қилаётганидан фахрланишини ва Ўзбекистон тарихи ҳамда маданиятига бағишланган кўп йиллик лойиҳада иштирок этаётганини таъкидлади.
«Ҳамкорлигимиз туфайли биз биргаликда CNNнинг улкан глобал аудиториясига Ўзбекистон ҳақида ҳикоя қилиб бермоқдамиз», — деди Нельсон.
Унинг сўзларига кўра, у Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Марказнинг яратилиш жараёнини қизиқиш билан кузатиб борган. Нельсон мажмуани шахсан бориб кўриш, у ерда жамланган артефактлар билан танишиш, шунингдек, илм-фан, адабиёт ва меъморлик соҳаларида тақдим этилган меросни кўришга умид билдирди.
CNNнинг Марказий Осиё ва Африка бўйича минтақавий вакили Имрон Аҳмад ҳам форумда сўзга чиқиб, ҳозирги Ўзбекистон ҳудуди билан боғлиқ бўлган кўплаб олимларнинг ютуқлари мамлакат ташқарисида ҳанузгача кам маълум эканини таъкидлади.
«Масалан, Ал-Хоразмийнинг илм-фан ривожига қўшган улкан ҳиссасини олайлик. Агар у бўлмаганида, алгоритмлар ҳам бўлмас эди. Бугун биз мобиль телефонлар ва компьютерлардан фойдаланамиз, аммо замонавий технологиялар асосида ётган кўплаб ғоя ва тушунчалар, жумладан, Ўзбекистон заминида шаклланганини ҳар доим ҳам англайвермаймиз», — деди Аҳмад.
Унинг фикрича, халқаро форумлар ва йирик хорижий ОАВлар билан ҳамкорлик қилиш кенгроқ аудиторияни тарихнинг ушбу қисми билан таништириш имконини беради.
Аҳмаднинг қўшимча қилишича, Ислом цивилизацияси маркази яна бир муҳим вазифани — турли маданият ва дин вакиллари ўртасида мулоқотни ривожлантиришга кўмаклашиш вазифасини ҳам бажариши мумкин.
«Тобора бўлиниб, қутблашаётган замонавий дунёда бундай ташаббуслар айниқса зарур. Улар турли дин ва цивилизация вакилларига бир-бирини яхшироқ тушунишга ёрдам беради, ўзаро англашувни кучайтиради ва тинчликни мустаҳкамлашга хизмат қилади», — деди у.
Ислом цивилизацияси маркази Тошкентда Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилда илгари сурилган ташаббуси асосида барпо этилди. CNN қарийб 50 та мамлакатдан 300 га яқин журналист, ОАВ раҳбарлари ва экспертларни жамлаган Халқаро медиафорумнинг бош медиа ҳамкорларидан бири ҳисобланади.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 550 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.



