Шимолий Оролда сув сатҳини 44 метрга кўтариш режалаштирилмоқда

gov.kz сайти фотосурати

Қозоғистон ҳукумати Шимолий Орол денгизида сув сатҳини 44 метрга кўтаришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда республика ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.

Келгуси беш-олти йил давомида сув юзаси майдонини 3,9 минг квадрат километрга, сув ҳажмини эса 34 миллиард куб метрга етказиш режалаштирилмоқда. Бундай кўрсаткичлар ҳукумат Жаҳон банки билан ҳамкорликда ишлаб чиққан Шимолий Орол денгизини тиклашнинг навбатдаги босқичига киритилган. Лойиҳа Кўкорал тўғонини реконструкция қилиш, шунингдек, сув ресурсларидан янада самарали фойдаланиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширишни назарда тутади.

Ҳозирги вақтда Шимолий Орол денгизидаги сув ҳажми 23,4 миллиард куб метрни ташкил этмоқда. Таққослаш учун, 2022 йилда бу кўрсаткич 19 миллиард куб метр, 2023 йилда — 21 миллиард, 2024 йилда — 22 миллиард, 2025 йил якунларига кўра эса 23 миллиард куб метрни ташкил этган.

Ҳокимият органлари сув ҳажмининг ошишини Қозоғистонда 20 йилдан ортиқ вақт давомида олиб борилаётган тизимли ишлар билан боғламоқда. Бу даврда Шимолий Орол денгизининг майдони 36 фоизга кенгайган, сув ҳажми деярли икки бараварга ошган, минераллашув даражаси эса икки баробарга камайган. Қайд этилишича, бу сув ҳавзаси экотизимининг тикланишига хизмат қилган.

Эришилган кўрсаткичларни сақлаб қолиш мақсадида Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги ҳар йили Сирдарё орқали Шимолий Орол денгизига камида 2 миллиард куб метр сув йўналтиришни режалаштирмоқда.

Шу билан бирга, Туркистон ва Қизилўрда вилоятларида Орол — Сирдарё ҳавзасида ирригация тизимларини модернизация қилиш ва автоматлаштириш бўйича 160 дан ортиқ лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда. Кутилишича, бу сув йўқотишларини камайтириш ва тежалган сув ҳажмини Шимолий Орол денгизига йўналтириш имконини беради.

Параллел равишда Қозоғистон Оролнинг қуриб қолган тубида ўсимлик қопламини тиклаш ишларини ҳам давом эттирмоқда. Бугунги кунга қадар у ерда 3,4 минг тонна саксовул ва галофит ўсимликлар уруғи экилди, 56,2 миллион туп саксовул кўчати ўтқазилди. Ўрмонларни тиклаш бўйича амалга оширилган ишлар умумий майдони 1,1 миллион гектарга етди. Президент топшириғига кўра, саксовул ва бошқа ўсимликлар плантациялари майдонини 1–1,5 миллион гектарга етказиш режалаштирилмоқда.

Орол денгизи — Марказий Осиёда, Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасида жойлашган собиқ оқимсиз шўр кўл. 1960-йиллардан бошлаб денгиз сатҳи тез суръатларда пасая бошлаган. Бунга, жумладан, унинг асосий сув манбалари бўлган Амударё ва Сирдарё сувларининг суғориш мақсадларида олиб қўйилиши сабаб бўлган. 1989 йилда денгиз бир-биридан ажралган икки сув ҳавзасига — Шимолий (Кичик) ва Жанубий (Катта) Орол денгизларига бўлинди. Денгизнинг қуриши бутун Марказий Осиё учун экологик фалокатга айланди ва минтақа давлатларига жиддий ижтимоий-иқтисодий зарар етказди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ