Шифокорларнинг иш ҳақи уларнинг фаолиятига беморлар берган баҳо ҳисобга олинган ҳолда белгиланади

sputniknews.uz сайти фотосурати

2027 йилдан бошлаб Ўзбекистонда шифокорлар ва ҳамшираларнинг иш ҳақи самарадорликнинг асосий кўрсаткичлари (KPI) асосида белгиланади. Бунда мутахассислар фаолиятига беморлар томонидан берилган баҳо асосий мезон бўлади. Бу ҳақда республика президенти Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан учрашувда маълум қилди, деб хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Президент келаси йил бошидан шифохона ва поликлиникалар фаолиятини баҳолаш механизмларини жорий этишни топширди. Бу ерда ҳам беморларнинг фикри асосий мезон бўлади.

Фуқаролар шифокорлар ва тиббиёт муассасалари фаолиятини айнан қандай тартибда баҳолаши ҳозирча маълум эмас.

Президентнинг сўзларига кўра, ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларини бошқариш тизимига ҳам ўзгартиришлар киритиш режалаштирилмоқда. Жумладан, 2027 йилдан бошлаб 26 та марказ директори билан бир йиллик шартномалар тузилади. Уларнинг ҳар бирига даволашнинг янги усулларини жорий этиш, қўл остидаги ходимларнинг малакасини ошириш ва илмий ишланмаларни амалиётда қўллаш бўйича аниқ мажбуриятлар юклатилади. Тиббиёт марказлари фаолиятини баҳолашга хорижий экспертлар жалб қилинади. Натижаларга кўра, муассаса раҳбари билан меҳнат шартномасини узайтириш ёки уни ишдан бўшатиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Мирзиёев келаси йил 1 июлдан республикада шифокорлар ва фармацевтларни давлат рўйхатидан ўтказиш тизими ишга туширилишини эслатди. Дастлаб бу жараён ихтиёрий бўлади. 2030 йилдан эса рўйхатдан ўтиш мажбурий этиб белгиланади.

Давлат раҳбари мутасаддиларга келаси йили Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудига соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш учун камида 150 миллион долларлик инвестиция ва грантларни жалб этишни топширди.

Қайд этилишича, янги тиббиёт муассасалари аҳоли сони ва ҳудудларнинг жойлашувидан келиб чиқиб, мастер-режа асосида ташкил этилади. Давлат шифохоналарида тадбиркорларга замонавий ускуналар ўрнатиш учун жой ажратилиб, кўрсатилган хизматларга суғурта тизими орқали ҳақ тўланади. Гемодиализ, лаборатория, стерилизация, реабилитация ва физиотерапия хизматларини хусусий сектордан харид қилиш кенгайтирилади.

Ихтисослашган марказлар тажрибасини ҳудудларга етказиш мақсадида жарроҳ, анестезиолог, реаниматолог, ассистент ва ҳамширалардан иборат яхлит жамоалар жойларга юборилади. Ҳудудлардаги тиббиёт гуруҳлари эса марказларда уч-тўрт ойлик стажировкадан ўтади.

Президент, шунингдек, келгуси йилдан кардиология, гепатология, офтальмология ва гематология каби йўналишларда ўнта сунъий интеллект тизими ишга туширилишини маълум қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ