Афғонистон савдо оқимларини Покистондан Эрон ва Марказий Осиёга йўналтирди

Ўзбек-афғон чегараси Фото: DW.com

Афғонистон импортида Марказий Осиё транспорт йўлакларининг улуши бир йил ичида 27,2 фоиздан 42,2 фоизгача ошди, Покистон йўналишининг улуши эса 20,1 фоиздан 0,3 фоизгача қисқарди. Бу ҳақда Жаҳон банкининг Афғонистон иқтисодиёти ҳолатига доир ноябрь ойидаги ҳисоботида келтирилган маълумотлар далолат бермоқда.

2025 йилнинг октябрида Покистон билан чегара ёпилганидан сўнг, афғонистонлик импортчиларга юк оқимларини бошқа йўналишга буриш учун қарийб икки ой вақт керак бўлди. 2026 йилнинг апрель-сентябрь ойларида Марказий Осиё орқали олиб кирилган товарлар қиймати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,02 миллиард долларга ошди. Айни пайтда Афғонистон импортининг 97 фоизи Марказий Осиё ва Эрон йўналишлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Йўналишларнинг ўзгариши афғонистонлик экспортчилар учун унчалик муваффақиятли кечмади. Агар қайд этилган олти ой давомида импорт ҳажми қиймат жиҳатидан 2,2 фоизга ошиб, 6,6 миллиард долларни ташкил этган бўлса, экспорт 15,1 фоизга қисқариб, 667 миллион долларга тушиб кетди. Айниқса, маҳсулотларини узоқ масофаларга ташиш иқтисодий жиҳатдан зарарли бўлиб чиққан ҳўл мева-сабзавот етиштирувчилар катта қийинчиликларга дуч келди.

Шу билан бирга, Марказий Осиё орқали экспорт қилинадиган товарлар қиймати икки баравардан зиёд ошиб, 210 миллион долларга етди. Хусусан, ушбу йўналишлар орқали таралган пахта етказиб бериш ҳажми 21 миллион доллардан 94 миллион долларгача кўпайди. Шунингдек, қуруқ мева ва заъфарон ишлаб чиқарувчилар ҳам муқобил бозорларни топишга муваффақ бўлдилар.

Жаҳон банки экспертлари Афғонистоннинг чекланган миқдордаги транспорт йўлакларига қарам бўлиб қолиши мамлакат иқтисодиёти учун қўшимча хатарларни келтириб чиқаришини қайд этмоқда.

Сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари Афғонистонда ҳокимият тепасига келган «Толибон» билан савдо-иқтисодий алоқаларни фаол ривожлантирмоқда. Қозоғистон ва Қирғизистон «Толибон» ҳаракатини тақиқланган ташкилотлар миллий рўйхатидан чиқарди, Ўзбекистон ва Туркманистон эса Кобул билан транспорт ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда. Бундан ташқари, минтақа республикалари Жанубий Осиё бозорларига чиқиш учун Афғонистон ҳудудидан фойдаланишдан манфаатдор.

Энг йирик қўшма логистика лойиҳаларидан бири Марказий Осиёни Покистон денгиз портлари билан боғлаш имконини берувчи Трансафғон темир йўли қурилиши ҳисобланади. Шунингдек, Қозоғистон туркман-афғон чегарасидаги Турғунди бекатидан Ҳиротгача темир йўл қурилишига қизиқиш билдириб, тегишли инфратузилмани ривожлантиришга 500 миллион доллар сармоя киритишга тайёрлигини маълум қилди.

Афғонистоннинг Хитой билан транспорт алоқалари ҳам ривожланиб бормоқда. 2026 йил май ойида Хитойдан Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон орқали Ҳиротга мультимодал йўналиш бўйлаб синов юк ташувлари бошланди. Октябрь ойида «Фарғона» хабар берганидек, Хитой товарларини Қозоғистон ва Ўзбекистон орқали Афғонистоннинг Балх вилоятига етказиб бериш бўйича янги темир йўл йўналиши тақдим этилди. Қурилаётган Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли эса амирликнинг Хитой билан савдоси учун қўшимча имкониятлар яратиши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ