Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) оилавий зўравонлик ва вояга етмаганларга қарши жиноятлар учун жазони кучайтиришни кўзда тутувчи қонунчиликка тузатишлар тайёрлайди. Бу ҳақда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган республика йиғилишида маҳкама раҳбари Улан Ниязбеков маълум қилди, деб хабар беради 24.kg.
Вазирнинг сўзларига кўра, жиноятчиликнинг олдини олиш маҳкама ишининг устувор йўналишларидан бирига айланади. ИИВ фуқароларнинг мурожаатларига тезкорлик билан муносабат билдириш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида маҳаллий ҳокимият органлари ҳамда бошқа давлат идоралари билан ҳамкорликнинг янги механизмларини ишлаб чиқишни режалаштирмоқда. Қонунчиликка айнан қандай ўзгартиришлар киритилиши кўзда тутилаётганига Ниязбеков аниқлик киритмади.
ИИВнинг 20 ноябрь куни эълон қилинган маълумотларига кўра, 2026 йилнинг ўн ойи давомида Қирғизистонда 23 414 та оилавий зўравонлик ҳолати қайд этилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 28 фоизга кўпдир. Шундай қилиб, республикада кунига ўртача 77 тадан ана шундай ҳолат рўйхатга олинмоқда.
Мазкур давр мобайнида жабрланганларга 19 345 та вақтинчалик ҳимоя ордери берилган. Уларни олганларнинг 17 699 нафари аёллар, 1 128 нафари эркаклар ва 520 нафари вояга етмаганлардир.
Ҳуқуқ-тартибот органлари 535 та жиноят иши қўзғатди, бу 2025 йилнинг январь-октябрь ойларидагига нисбатан 55 тага кўпдир. Улардан 326 таси судга юборилган, 152 та иш бўйича иш юритиш тугатилган, яна 34 таси бўйича эса тўхтатиб турилган. Рўйхатга олинган жиноятлар орасида 31 та қотиллик, 37 та номусга тегиш ва 68 та қийноққа солиш ҳолатлари бор.
Бундан ташқари, милиция ходимлари оилавий зўравонлик бўйича 7 432 та ва вақтинчалик ҳимоя ордери шартларига риоя қилмаслик юзасидан 643 та баённома расмийлаштирди. Судлар 3 901 нафар ҳуқуқбузарни ҳибсга олди, яна 2 362 киши жамоат ишларига жалб этилди.
Таъкидлаш жоиз, Қирғизистон ҳукумати оилавий зўравонликка қарши кураш соҳасидаги қонунчиликни бир неча бор қайта кўриб чиққан. 2020 йилда, «Фарғона» хабар берганидек, депутатлар милицияга оилавий зўравонларни 48 соат давомида ушлаб туриш ваколатини қайтариш ташаббуси билан чиққан эдилар. Тузатишлар ишлаб чиқилишига ҳимоя ордерларининг самарадорлиги пастлиги сабаб бўлган эди.
2024 йил августида мамлакат президенти Садир Жапаров оилавий, жинсий ва гендер зўравонлик қурбонларини ҳимоя қилишга қаратилган саккизта қонун ҳужжатига киритиладиган тузатишлар пакетини имзолаганди. Кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, оилавий зўравонлик ҳолатлари сони ортишда давом этмоқда.



