ЖССТ COVID-19 инфекциясининг иккинчи тўлқини ҳақида огоҳлантирди

Майкл Райан ЖССТ брифингида. World Health Organization (WHO) YouTube-каналига қўйилган видеодан олинган сурат

COVID-19 инфекциясини юқтириб олган беморлари камайишга қараб кетаётган мамлакатларда агар карантин чораларини шошма-шошарлик билан енгиллатиш бошланса, ҳозирнинг ўзида пандемия биринчи тўлқинининг “иккинчи чўққиси” билан тўқнаш келиб қолиши мумкин. Бу ҳақда брифингда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг фавқулодда вазиятлар бўйича дастур раҳбари Майкл Райан билдирди.

Райан дунё коронавирус тарқалишининг иккинчи тўлқинини бошидан кечираётганини ва агар Марказий ва Жанубий Америка, Африка, Жанубий Осиёдан келаётган маълумотларга қаралса, ҳамон “биринчи тўлқиннинг ўртасида” қолаётгани ҳақида огоҳлантирди.

Райанга кўра, эпидемия кўп ҳолларда тўлқин-тўлқин тарзида ўтади ҳамда вақти-вақти билан бир неча ой ўтиб ўша олдин бўлиб ўтган жойларнинг ўзида яна қайтадан авж олиши мумкин. Иккинчи тўлқин ҳақида сўз юритилганда, биринчи тўлқин ўтгани кўзда тутилади, бироқ ҳар бир тўлқинда бир нечтадан чўққилари бўлиши мумкин, дейди ЖССТ вакили.

Райанга кўра, касалланиш даражаси “сакраши” ҳам мумкин. “Бизларда ушбу тўлқинда иккичи чўққи ҳам бўлиши мумкин”, — деди у ҳамда бу каби ҳолат “испанка” пандемиясида кузатилганини эслатиб ўтди (эпидемия 1918 йилнинг январида бошланиб 1920 йилнинг декабрь ойигача давом этган).

Европа ва Шимолий Америка мамлакатлари ушбу иккинчи чўққининг олдини олиш учун тест синовларини ўтказишни ҳамда пандемияга қарши кураш бўйича комплекс стратегияни давом эттиришлари лозим, дея хулоса қилди ЖССТ мутахассиси. Иккинчи тўлқин бостириб келаётганини кейинроқ аниқлаш мумкин бўлади, у мавсумий грипп билан бир вақтда бошланиши мумкин.

Жон Ҳопкинс университети тақдим этган маълумотига кўра, дунё бўйича деярли 5,5 миллион одам коронавирус инфекциясини юқтириб олган. 346 мингдан кўпроқ одам вафот этган. Коронавирус тарқалиши бўйича АҚШ (1,6 миллион), Бразилия (375 минг) ва Россия (353минг) ва ўлим ҳолатлари бўйича АҚШ (98 минг), Буюк Британия (37 минг) ва Италия (деярли 33 минг) етакчилик қилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ