6 июнь куни Пекинда Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши бўйича стратегик лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги битим тантанали равишда имзоланди. Бу ҳақда Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.
Келишувни Қирғизистон транспорт ва коммуникациялар вазири Тилек Текебаев, Хитой Халқ Республикаси Тараққиёт ва ислоҳотлар давлат қўмитаси раиси Чжэн Шаньцзе ва Ўзбекистон Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов имзолади.
Маросим иштирокчилари уч давлат раҳбарларининг видеомурожаатларини тингладилар ва унда улар ушбу лаҳзани тарихий деб атадилар.
ХХР раиси Си Цзиньпин ҳукуматлараро битимнинг имзоланиши «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўли қурилиши концепциядан ҳақиқатга айланаётганидан далолат беришини таъкидлади. Пекин Бишкек ва Тошкент билан лойиҳа доирасида қурилиш ишларини бошлашга тайёргарлик кўриш ва уч мамлакат ва уларнинг халқига фойда келтирадиган, минтақада иқтисодий ривожланишни таъминлайдиган ушбу стратегик коридорни имкон қадар тезроқ қуриш бўйича биргаликда саъй-ҳаракатларни амалга оширишга тайёр.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров магистрал қурилиши лойиҳасининг тўлиқ техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш 2023 йил ўрталарида якунланганини эслатди. Шундан сўнг томонлар лойиҳани амалга ошириш учун қўшма корхона ташкил этишга келишиб олдилар. «Евроосиё маконида ушбу муҳим қитъа кўпригининг яратилиши халқларимизга катта фойда келтиради», – деди Жапаров.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу йирик лойиҳани амалга ошириш учун мамлакатда барча зарур инфратузилма яратилгани, замонавий темир йўл ва автомобиль йўллари миллий тармоғи кенгайиб, рақамли технологиялар жорий этилаётганига ишонч билдирди.
«Лойиҳанинг амалга оширилиши оқибатида вужудга келадиган иқтисодий таъсирни барча мамлакатлар ҳис қилади. Аввало, янги корхоналар ва ўн минглаб иш ўринлари яратилади, ўзаро товар айрибошлаш ҳажми ва саноат кооперацияси кўлами, инвестицион жозибадорлик ўсади ва асосий натижа – фуқароларимизнинг турмуш даражаси ошади», — деди Мирзиёев.
У «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли тарихий Буюк ипак йўли бўйлаб ўтишига эътибор қаратди.
«Дарҳақиқат, биз кўп асрлар давомида савдо алоқалари ва маданий алмашинув ривожига хизмат қилган ушбу қадимий йўлни замонавий шароитда қайта тиклаяпмиз.
Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, мазкур темир йўл Хитойни минтақамиз билан боғловчи энг қисқа қуруқлик йўлига айланади», — деди Ўзбекистон Президенти.
ℹ️ Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли Қашғар — Торугарт — Макмал — Жалолобод — Андижон йўналиши бўйлаб ҳаракатланади. Йўлнинг узунлиги қарийб 454 км бўлиб, шундан 280 таси Қирғизистон ҳудудидан ўтади. Бутун линия бўйлаб 18 та станция, 81 та катта ва ўрта кўприк, 41 та туннел қуриш режалаштирилган.
Магистраль Хитойдан Яқин Шарқ мамлакатларигача бўлган йўналишни тахминан 900 км га қисқартиради, транспорт харажатларини камайтиради ва юкларни етказиб бериш муддатини тахминан 7-8 кунга қисқартиради. Автомобиль йўли Марказий Осиё мамлакатлари транспорт инфратузилмасини ривожлантиришни таъминлайди ва уларга Форс кўрфази ва Тинч океани портларига чиқишда қулайлик яратади. Мутахассисларнинг фикрича, ушбу магистраль бўйлаб йиллик юк ташиш ҳажми 15 миллион тоннагача етиши мумкин.
Дастлаб, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши 2022 йил ноябрида 1,34 миллиард долларга баҳоланган эди, Қирғизистон Бош вазири Ақилбек Жапаров ўша йил декабрида бу харажат 3-5 миллиард доллар оралиғида бўлишини айтди. Ўша йилнинг декабрида Бош вазир янги рақамни эълон қилди — 6 миллиард доллар, 2024 йил апрелига келиб у 8 миллиард долларга ўсди.