Қирғизистон ёшлар терма жамоаси сардори, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиевнинг ўғли Эмир-Хон Қидиршаев фаолиятини Словакиянинг «Тренчин» футбол клубида давом эттиради.
Футболчи жамоага эркин агент сифатида келиб қўшилган. У билан шартнома 2026 йил ёзига қадар тузилган. 19 ёшли ҳимоячи билан тузилган шартноманинг қолган тафсилотлари айтилмаган.
Қайд этиш лозим, «Тренчин» клуби Словакия чемпионати олий лигасида ўйнайди. Мамлакатда мавсум февраль ойида бошланади. Қизиғи, жамоа рўйхатида беш нафар марказий ҳимоячи бор, шу боис Қодиршаевнинг ўринбосарлар таркибида ўйнаши эҳтимоли юқори.
Олдинроқ Словакиянинг яна бир клуби «Кошице» қозоғистонлик футболчи Галимжан Кенжебек билан шартнома имзолаганди.
Эмир-Хон Қодиршаев Асил Момунов номидаги Ўш футбол академиясида машғулотларини бошлаган. Бишкекнинг «Илбирс»и таркибида тайёргарликдан ўтган. Москванинг «Спартак» жамоасида синовдан ўтган. 15 ёшида Италиянинг Перуже шаҳридаги Паоло Росси академиясига ўқишга кирган ва у ерда бир ярим йил таҳсил олган. Кейин у «Сант-Кугат» клубининг «Барселона»га қарашли академиясида ўқишни якунлаган. Қирғизистон ёшлар терма жамоаси сафида 5 та ўйин ўтказган. У бир неча марта капитан боғичи билан майдонга тушган. Терма жамоа йиғинида иштирок этган.