Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кўмагида журналист-гидлар тайёрланади

ИЦМ фотосурати

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети мамлакат тарихи ҳамда журналистларнинг маданий мерос билан ишлаш фаолиятига бағишланган «Гид-журналистикаси» ўқув курсини ишлаб чиқишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати хабар берди.

Янги йўналиш томонлар 24 август куни «Ислом цивилизацияси ва замонавий медиа: ёш журналистлар нигоҳида» тадбири доирасида имзолаган ҳамкорлик тўғрисидаги келишувда кўзда тутилган.

«Гид-журналистикаси» университетнинг асосий таълим дастурига киритилиши, факультатив курс бўлмаслиги режалаштирилмоқда. Талабаларга тарихий манбалар, музей коллекциялари, шунингдек, Ўзбекистоннинг маданий ва илмий меросига оид материаллар билан ишлаш ўргатилади.

Машғулотларнинг бир қисми бевосита Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Келишув доирасида сайёр машғулотлар, маҳорат дарслари ва тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек, талабаларни қўшма медиа лойиҳаларга жалб қилиш кўзда тутилган.

Томонлар, шунингдек, ёш журналистларни хорижлик мутахассислар билан ишлашга жалб қилиш ва халқаро аудитория билан ишлай оладиган кадрлар тайёрлашни ривожлантириш ниятида. Таълим дастурида хорижий тилларни чуқур ўрганиш ҳам кўзда тутилган.

Келишув Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида 24–28 август кунлари ўтказилаётган «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафоруми доирасида тузилди.

Форумда 50 га яқин давлатдан медиа ва экспертлар ҳамжамиятининг 300 га яқин вакили иштирок этмоқда. Форумнинг асосий майдони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳисобланади.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 550 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ