Тожикистон ва Эрон тўлиқ визасиз тартибга ўтди

Тожикистон ва Эрон фуқаролари умумий чегарани нафақат ҳаво йўли орқали, балки қуруқликдаги назорат-ўтказиш пунктлари орқали ҳам визасиз кесиб ўтиш ҳуқуқига эга бўлди. Бу ҳақда Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига таянган ҳолда «Ховар» хабар берди.

5 октябрдан бошлаб амалдаги умумфуқаролик хорижий паспортларига эга фуқаролар 90 кунлик давр мобайнида 30 кунгача бошқа томон ҳудудига визасиз кириши, уни кесиб ўтиши ёки вақтинча бўлиши мумкин.

Эндиликда визасиз тартиб барча халқаро чегара ўтиш пунктларига, жумладан, қуруқликдаги назорат-ўтказиш пунктлари ва халқаро аэропортларга, шунингдек, учинчи давлатлардан амалга ошириладиган авиақатновларга ҳам татбиқ этилади.

Тожикистон ва Эрон ўртасидаги визасиз тартиб 2023 йил 8 ноябрда Душанбе шаҳрида имзоланган ўзаро англашув меморандуми асосида жорий этилган. 2024 йил 10 августдан кучга кирган биринчи босқичда мазкур тартиб фақат Душанбе — Теҳрон ва Теҳрон — Душанбе авиақатновлари орқали ҳаракатланаётган фуқароларга нисбатан амал қилганди. Қуруқликдаги чегараларни кесиб ўтиш ёки учинчи давлатлар орқали кириш учун виза талаб этилганди.

Режимнинг кенгайтирилиши узоқ танаффусдан сўнг тўғридан-тўғри авиақатновларнинг тикланиши фонида амалга оширилмоқда. 2026 йил бошида Яқин Шарқ ҳаво ҳудудидан фойдаланишдаги чекловлар сабабли парвозлар вақтинча тўхтатилган эди, аммо 31 май куни Душанбе ва Теҳрон ўртасидаги авиақатновлар қайта тикланди.

Визасиз тартиб узоқ муддат яшаш ёки ишлаш ҳуқуқини бермайди. Бу мақсадлар учун ҳар икки давлат қонунчилигида белгиланган алоҳида талаблар амал қилишда давом этади. Эронда 30 кундан ортиқ қолишни режалаштираётган Тожикистон фуқаролари Эроннинг Душанбе шаҳридаги элчихонасидан олдиндан виза олишлари керак бўлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ