АҚШ компанияси Ўзбекистонда газни қайта ишлаш мажмуасига 1 миллиард доллар сармоя киритади

Air Products президенти Сейфи Гасем ва ИССВ раҳбари Лазиз Қудратов. ИССВ матбуот хизмати фотосурати

Американинг Air Products компанияси 25 май куни Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда «Ўзбекнефтгаз» АЖ билан Қашқадарё вилоятида табиий газни қайта ишлаб чиқариш мажмуасини ривожлантириш бўйича умумий қиймати 1 миллиард долларлик инвестиция шартномасини имзолади. Бу ҳақда ИССВ матбуот хизмати хабар берди.

«Табиий газни қайта ишлаш саноат мажмуаси дунёдаги энг замонавий энергетика корхоналаридан бири бўлган Uzbekistan GTL заводининг ажралмас қисми бўлиб, йилига 1,5 миллион тонна юқори қўшимча қийматга эга синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқаради», — дейилади вазирлик ҳабарида.

Air Products аниқлик киритишича, гап табиий газни синтетик газга қайта ишлаш заводини сотиб олиш, эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳақида кетмоқда. «Ўзбекнефтгаз» хомашё, табиий газ ва коммунал хизматларни етказиб бериш, шунингдек, завод маҳсулотларини сотиш билан шуғулланади.

«Ўсиш суръати юқори бўлган мамлакат – Ўзбекистонда ушбу стратегик ҳамкорлик орқали биз энг илғор технологиялар ва билимларимизни қўллаш имкониятига эга бўламиз. Бу келишув юқори сифатли арзон ёқилғи ишлаб чиқариш ва ўсиб бораётган ижтимоий эҳтиёжларни қондириш имконини беради. Биз ушбу узоқ муддатли ва барқарор шерикликни ривожланишини кутмоқдамиз, шунингдек, Ўзбекистон билан ҳамкорлик имкониятларидан мамнунмиз», — деди Air Products директорлар кенгаши раиси, президенти ва бош директори Сейфи Гасем.

ℹ️ Uzbekistan GTL мажмуаси Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида қурилган бўлиб, 2021 йил 25 декабрда фойдаланишга топширилган. Корхона қурилишига 3 миллиард 420 миллион доллар сарфланган. Бундай йирик мажмуалар дунёнинг фақат тўртта давлатида – Қатар, Нигерия, Жанубий Африка ва Малайзияда мавжуд.

Мажмуанинг қуввати йилига 3,6 миллиард куб метр табиий газни ташкил этади. У 307 минг тонна самолёт ёқилғиси, 724 минг тонна дизел ёқилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқариш қувватига эга.

ℹ️ Air Products (NYSE: APD) — саноат газлари бўйича дунёдаги етакчи компания ҳисобланади. 1940 йили ташкил этилган компаниянинг бош офиси АҚШ, Пенсильвания штати, Аллентаун шаҳрида жойлашган.

Air Products компаниясининг асосий фаолияти саноатнинг ўнлаб соҳаларида, жумладан, қайта ишлаш, кимё, металлар, электроника, ишлаб чиқариш ва озиқ-овқат саноатида мижозларга асосий саноат газлари, тегишли асбоб-ускуналар ва амалий тажрибаларни етказиб беришдан иборат.

Компания, шунингдек транспорт ва саноат бозорларини жаҳон даражасидаги тоза водород билан таъминловчи дунёдаги энг йирик саноат гази ва углеродни ушлаш лойиҳаларини ишлаб чиқади, муҳандислик қилади, қуради, эгалик қилади ва бошқаради.

Бундан ташқари, Air Products суюлтирилган газ ишлаб чиқариш учун технология ва ускуналар етказиб бериш бўйича дунёда етакчи ҳисобланади, шунингдек у турбомашиналарни етказиб беради.

Компания 50 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритиб, 2022 молия йилида 12,7 миллиард долларлик сотувлар амалга оширган ва жорий бозор капиталлашуви 60 миллиард доллардан ошган.